2017-10-21

Узбекский сайт опубликовал: Илҳом Алиев: “Ўзини мусулмонлар дўсти деб атаган Арманистон Қорабоғда ёдгорликларни вайрон қилди”.

 
 

Озарбайжон президенти Тоғли Қорабоғ муаммоси борасида ўз фикрларини билдирди.

 

Тоғли Қорабоғ — тарихан озарбайжонликларнинг ери ва тоғли қорабоғ можароси БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига асосан Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги доирасида ҳал этилиши зарур. Бу ҳақда “1news.az” нашри ёзди.
 
Мазкур масала юзасидан Озарбайжон Республикаси президентининг расмий сайтида маълумот берилган. Озарбайжон давлати раҳбари Илҳом Алиев Истанбулда бўлиб ўтган Ривожланаётган саккиз мамлакат иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг IX саммитида ушбу фикрларини билдириб ўтди.
 
Илҳом Алиевнинг фикрича, “Озарбайжон давлати ва халқи ўзининг заминида иккинчи арман давлатини яратилишига қўйиб бермайди. Бизнинг мамлакат ҳудудий яхлитлиги музокаралар воситаси ҳисобланмайди ва бўлмайди”.
 
Озарбайжон президенти Арманистоннинг 26 йилдан ортиқ вақт мобайнида Тоғли Қорабоғ ҳамда унга туташ Озарбайжоннинг 7 туманини ўз босқини остида ушлаб тургани, ҳудудда этник-сиёсий тозалашлар амалга оширилиши натижасида 1 миллиондан ортиқ озарбайжонликлар қочоқларга айлангани ҳақида айтиб ўтди.
 
“Арманистон 1992 йилда Хўжайли қирғинини уюштирган. Ушбу ҳарбий жиноят натижасида 613 нафар тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган. Улардан 160 нафари аёллар, 63 нафари болалар бўлган. Минглаб одамлар дараксиз йўқолган ва жароҳатланган”, деган Илҳом Алиев.
 
Озарбайжон президентининг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Тоғли Қорабоғ ҳудудидан арман ҳарбийларини чиқиб кетишини талаб қилган 4 та резолюция қабул қилинган. Қўшилмаслик ҳаркати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТ ва бошқалар шу каби талабни қўйганлар.
 
Илҳом Алиев ўз сўзида “Бироқ Арманистон томони ушбу қарорларни рад этган ҳолда ҳарбий жиноятларини озарбайжонлик тинч аҳолига нисбатан давом эттирмоқда” деди.
 
Озарбайжон Арманистоннинг гиж-гижлашига учмай, Арманистон босиб олган ҳудудларнинг бир қисмини озод қилган. Шундан сўнг арманлар томонидан бутунлай бузиб ташланган Жоджуг Мержанли қўрғони қайта қурилди. Ушбу қўрғонда 150 хонадон бўлиб, тиббиёт маскани ва масчид қурилди. Ушбу масжид арманлар томонидан бузиб ташланган Шуше масжидига ўхшаш қилиб қурилган.
Илҳом Алиев Озарбайжоннинг ислом бағрикенглиги ғояларининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётганини айтиб ўтган.
 
“Биз бугунги кунда дунёда хавф сифатида қаралаётган исламофобия билан курашмоқдамиз. Ўзини мусулмон мамлакатларининг дўсти сифатида кўрсатишга уринаётган Арманистон Тоғли Қорабоғ ҳудудида масжидлар ва диний ёдгорликларни бузмоқда. Масжидни бузаётган давлат ҳеч қачон мусулмон мамлакатларининг дўсти бўла олмайди” деди Озарбайжон президенти.

Искать в архиве