2018-01-19

20 январь – Озарбайжон тарихидаги битмас жароҳат: мамлакатда умуммиллий мотам куни нишонланади

http://qalampir.uz/news/20-yanvar-%E2%80%93-ozarbayjon-tarixidagi-bitmas-jaroxat-mamlakatda-umummilliy-motam-kuni-nishonlanadi-15898

 
 
 

20 январь фожиасига сабабчи бўлган шахслар аниқланиб, уларнинг қонли қилмишига давлат даражасида сиёсий-ҳуқуқий баҳо берилган.

 

Тарих ҳар бир миллатнинг шаънига шонли битиклар битиш билан бирга, айримларининг ўтмишида оғир жароҳат ҳам қолдиради.
 
20 январь – озар миллати ва Озарбайжоннинг тарихида худди шундай битмас жароҳат қолган кун. Бу кунни озар халқи ҳеч қачон унута олмайди. Йиллар давомида ушбу сана Озарбайжон тарихига мудҳиш қонли январь атамаси билан муҳрланган.
 
Ўша мудҳиш воқеага 28 йил тўлди.
 
Бу кун Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ибораси билан айтганда, “Миллатнинг энг катта фожиали, аммо шу билан бирга, Озарбайжон тарихининг энг қаҳрамонона саҳифасидир. Озарбайжон халқи ўзининг иродасини намоён қилган кундир”.
 
Бундан роппа-роса 28 йил муқаддам, собиқ Иттифоқнинг ҳарбий қўшинлари қуруқликдан ва денгиздан Баку шаҳриниг тинч аҳолисига ҳужум уюштириш орқали, инсониятга қарши тарихда мисли кўрилмаган қонли жиноятни содир этганди. Бу қонли ҳужум оқибатида озар миллатининг 133 нафар фарзанди ҳалок бўлган, 744 нафари яраланган, 841 нафари эса ҳибсга олинган. Буларнинг орасида болалар, қариялар ва аёллар ҳам бор эди.


 
Лекин, бу қаҳрамонларнинг қони бекор тўкилмаган, улар ҳозирги озод, гуллаб-яшнаётган Озарбайжоннинг мустақиллигига асос солишган эди.
 
Шундан бери 20 январда Озарбайжонда умуммиллий мотам куни нишонланади. Бу кун миллат, халқ ва давлат тарихида мустақиллик, эркинлик ва ҳудудий яхлитлик тимсоли бўлиб қолди.
 
20 январда Озарбайжондаги барча вазирлик, ташкилот ва муассасалар ходимлари, оддий одамлар Шаҳидлар ҳиёбонига боришади, шаҳарлар, туманлар ва қишлоқларда мотам рамзи сифатида байроқлар туширилади, шаҳидлар эсланадиган маросимлар ўтказилади.
 
Жаҳон жамоатчилигининг эътиборини бу муаммога жалб қилиш учун Озарбайжоннинг хориждаги элчихоналарида ҳам худди шундай тадбирлар ташкил қилинади.


 
20 январь фожиасига сабабчи бўлган шахслар аниқланиб, уларнинг қонли қилмишига давлат даражасида сиёсий-ҳуқуқий баҳо берилган.
 
Қаҳрамонлар ўз халқининг хотирасида мангу яшашга ҳақлидир! 

Искать в архиве