2018-03-31

31 март куни қардош Озарбайжонда қатоғон қурбонлари ёд этилади (статья в прессе Узбекистана)

Шу куни озарбайжонларни қатлиом(геноцид) куни (Azərbaycanlıların Soyqırımı Günü) муносабати билан хотира маросимлари ўтказилади. 1998 йилнинг 26 март куни ўша вақтдаги Президент Гейдар Алиев “Озарбайжонларни геноцид қилиниши тўғрисида”ги фармони қабул қилган эди.
 
Президент фармонида мустақилликка эришилгач озарбайжон халқининг ўтмиши тўғрисида асл ҳақиқатлар рўёбга чиқиш имконияти пайдо бўлгани таъкидланади. Тарихнинг ўқилмаган саҳифаларидан бири озарбайжон халқига нисбатан бир неча бор содир этилган геноцидга ўз вақтида сиёсий-ҳуқуқий баҳо берилмаганидир.
 
Озарбайжоннинг амалдаги президенти Илхом Алиев 2009 йилнинг 30 октябрида 20-аср бошларида ноҳақ ўлдирилганларнинг оммавий қабри топилган Қуба шаҳрида “Геноцид Мемориал комплекси” тўғрисидаги фармойишни имзолади. Унда ўтган аср бошларида дашноқлар томонидан этник тозалаш ўтказилгани, Боку, Қуба, Қорабағ, Шамахи, Кюрдамир, Сальян, Лянкяран ва бошқа минтақаларда ўн минглаб бегуноҳ озарбайжонлар қирғин қилингани таъкидланади.
 
Ҳар йили 31 мартда Озарбайжонда ва хорижда истиқомат қилуви озарбайжонлар 1918 йил март ойида Боку шаҳри ва Боку губерниясида юз берган ҳодиса қурбонлари хотирасини ёдга олиб бир қатор тадбирлар ўтказади.
 
1813–1828 йилларда озарбайжон халқини бўлакларга ажратиш сиёсати бошланади. Бу, ўз навбатида, озарбайжон ерларининг босиб олинишга олиб келади. Шу тариқа Oзарбайжон ерлари бошқа халқлар томонидан эгаллаб олинади. 1905–1907 йилларда озарбайжонларга нисбатан кенг қамровли қонли жиноятлар амалга оширилди.
 
Озарбайжон Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари Жаби Байрамовнинг таъкидлашича, 20-аср бошларида дашноқлар бошлаган қатлиомларни 1918 йилнинг 24 март куни большевик Степан Шаумян давом эттиради. Тарихчининг сўзларига қараганда ўша йили Бокуда 12 мингдан ортиқ озарбайжонликлар, жумладан, қариялар, болалар, хотин-қизлар ўлдирилади. Шамахи уездида 75та, Қуба уездида 122та, Зангезур уездида эса 115та қишлоқ йўқ қилиниб, қонга ботирилади. Жанубий Озарбайжонда эса 150 минг озарбайжон миллатига мансуб аҳоли ўлдирилган. 
 
Байрамовнинг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳудудларида содир этилган геноцид оқибатида 700 минга яқин озарбайжон йўқ қилинган. 1920 йилнинг май ойидан 1921 йилнинг ноябрь ойига қадар Озарбайжонда 48 минг туб халқ вакили ўлдирилган. Ўтган асрнинг 30 йилларида большевиклар томонидан озарбайжонларга нисбатан репрессия уюштирилади. Бу жараён 1941–1945 йиллардаги уруш даврида ҳам кузатилди. Бу урушда 700 минг озарбайжонлик иштирок этди. Уларнинг ярми урушдан қайтмади.
 
Ўзбекистонда ҳам миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Президент Фармони асосида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи 2002 йилнинг 31 августида очилди. Халқимизнинг ўтмиши ва бугунини ўзида акс эттирган мазкур музей тобора бойитилиб, меҳмонларнинг азиз қадамжоларидан бирига айланди. 
 
Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш миллатимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.
 
Маълумот учун, мамлакатимизда ҳар йили 31 августда Қатағон қурбонлари ёд этилади. Анъанага кўра, «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида ўзбек халқи озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларни ёд этиш маросими ўтказилади. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилади. 
 

 

Шарофиддин Тўлаганов
 

Искать в архиве