2018-07-23
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев билан суҳбат. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали учун махсус

— Кўп йиллардан бери дипломат сифатида Ўзбекистонда ишламоқдасизСизни бемалол Ўзбекистон бўйича эксперт дейиш мумкинОзарбайжонликларни Ўзбекистон эришаётган ютуқлар ҳақида мамлакатингизнинг ахборот агентликлари орқали муттасил хабардор қилиб келасизОзарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида иш бошлаган кунларингиздан бунга гувоҳмизШунингдек кўплаб ўзбек ахборот агентликларида сизни мамнуният билан кутиб олишади. Ўзбек журналистлари сиз билан ҳар доим самимий, дўстона, биродарларча суҳбатлашишадиҲусайн Ризоевич, сизга ўзбекона қилиб Ҳусайн ака деб мурожаат қилишимга ижозат берсангиз.

— Албатта рухсат бераман. Марҳамат. Ўзбекистондаги дўстларим мени ҳар доим Ҳусайн ака деб аташади. Бу менга ёқади, бошим кўкка етади. Ўзбекистонда шундай дўстона муносабатни ва ҳурмат-эътиборни ҳис этиш мен учун шараф.

— Раҳмат, Ҳусайн ака. Дипломатик корпус томонидан сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда олиб борилаётган маданий-гуманитар фаолият ҳурматга лойиқ. Айтинг-чи, озарбайжонликларнинг ҳозирги Ўзбекистонга муносабати қандай, озарбайжонлар ва ўзбекларга хос қандай умумий жиҳатларни айта оласиз?

— Биринчидан, озарбайжонлар ҳамиша ва ҳамма жойда ўзбекларни ўзларининг биродарлари деб билишган, менимча бундан кейин ҳам шундай бўлади. Иккинчидан, бизнинг томиримиз бир, биз — туркий халқмиз. Учинчидан, тарихий ва маданий жиҳатдан ўзбеклар ва озарбайжонлар бир-бирига жуда яқин. Аждодларимиз минг йиллар мобайнида дўстона борди-келди қилишган, бу халқларимизнинг бир-бирига бўлган муносабатида ёрқин из қолдирмаслиги мумкин эмас эди.

Халқларимизнинг муштарак жиҳатлари ҳақида жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Тийнатимиз ёки урф-одатларимиздаги ҳар бир ўхшашлик ҳақида алоҳида академик тадқиқот ўтказса бўлади. Мен ўзбекларнинг ўзим дуч келган ва менга жуда ёққан жиҳатлари ҳақида гапирмоқчиман.

1920-йилларнинг ўрталарида, Тошкент «нон шаҳри» дея шуҳрат қозонганида, минтақа унумдор, серҳосил замин тимсолига айланган ва ҳақиқатан ҳам Волгабўйидаги очарчиликдан азоб чекаётган юз минглаб инсонларни бағрига олган эди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари Тошкент яна қутқарувчилик миссиясини зиммасига олди. Етим қолган болалар Тошкентдан бошпана топишди. Эвакуация қилинган 300 мингдан зиёд боладан биттаси ҳам етимхоналарга тушмади. Ўзбек оилалари уларни вокзалдан тўғри ўз уйларига олиб кетишди. 15-19 нафар етим болаларни тарбиялаган оилалар бор. Шу боис Тошкент тинчлик, дўстлик, эзгулик шаҳри сифатида нафақат бутун иттифоқда, балки бутун дунёга машҳур бўлиб кетди. Тошкентнинг машҳур сифатларига қўшимча қилиб мен уни юзидан табассум аримайдиган одамлар шаҳри деб атаган бўлардим. Негалигини асослашга ҳаракат қиламан.

Масалан, менга ўзбек ёшларининг хушмуомалалиги, катталарни ҳурмат қилиши ёқади. Ҳар куни эрта тонгда тоза ҳавода зарядка қилгач ўзим яшайдиган маҳалла кўчаларида сайр қиламан. Тоза ҳавода зарядка қилиш — ёқимли эрмак. Бунинг устига тонгги Тошкент ҳавосининг тенги йўқ. Шундай қилиб маҳалла бўйлаб сайр қилар эканман, эрталабдан мактабига шошаётган ўқувчиларни, жужуқларини боғчага олиб кетаётган ота-оналарни учратаман ёки кўчада ҳар хил ўткинчиларга дуч келаман ва улар менга албатта бутун Шарқда бўлганидек «Ассалому алайкум» деб салом беришади. Мен ҳам ҳар доим «Ваалайкум ассалом» деб алик оламан. Улар жилмайишади ва эҳтиром билан ўнг қўлини кўксига қўйиб ёнимдан ўтиб кетишади.

Ўзбекистонга келган илк кунларимда бундан ҳайратланганман. Улар мени танишмаса, табассум билан, бунинг устига қўлини кўксига қўйиб саломлашиши нимаси деб ўйлаганман. Ўзбек дўстларимдан сўраб-суриштириб ўзбек халқи характерининг ажойиб жиҳатлари ҳақида билиб олганман. Ўзбекистонда қариндошингиз ёки танишингиз бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар ҳамма катталарга шундай эҳтиром кўрсатилар экан. Ота-оналар фарзандларига ёшлигидан шундай тарбия беришар экан. Ўзбекона одобга кўра ёши кичиклар ёши катталарга ҳурмат кўрсатиб, учрашганда ҳар доим биринчи бўлиб салом беришлари шарт.

Қизиғи шундаки, мен ҳам ўзбеклар этноменталитетининг бу жиҳатини аста-секин ўзлаштириб олдим. Энди ҳар куни эрталаб маҳалла кўчаларини сайр қилаётганимда ота-оналар ва ўқувчилар билан учрашиб қолсак бир-биримизга илтифот кўрсатиб, саломатлик ҳақида, оила, обиҳаво тўғрисида гаплашамиз. Улар билан ҳар куни кўришамиз. Мен ўзим бундай ўзбекона хушмуомалаликка ўрганиб қолдим ва бу менга жуда маъқул. Энди ёшлардан кимдир ёнимдан индамай ўтадиган бўлса нега мен билан сўрашмади деб ҳайрон қоламан. Ҳатто танбеҳ берган пайтларим бўлди. Ёшлар эса юзида табассум билан «Оқсоқол, сиз ҳақсиз, ёнимдан ўтаётган ёшуллини қандай қилиб кўрмай қолдим-а» деб узрхоҳлик қилишди. Ҳалимлик, хушмуомалалик, юздаги доимий табассум ўзбекларнинг қон-қонига сингиб кетган. Ўзим ҳар куни шунга гувоҳ бўламан.

— Ҳа, сиз ҳақсиз. Аммо бундай хайрихоҳлик, хушмуомалалик — озарбайжон халқига ҳам хос хусусиятлар. Озарбайжонлар ва ўзбеклар — қардош халқлардир. Ҳозирги вақтда сизларда ҳам, бизларда ҳам икки тарафлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мулоқот ўрнатишни хоҳловчи университетлар, институтлар, оммавий ахборот воситалари кўп. Шундан келиб чиқиб халқларимизни янада яқинлаштириш учун Озарбайжон элчихонаси қандай сиёсий, маданий-гуманитар тадбирларни амалга оширмоқда?

— Дўстларимиз учун Озарбайжоннинг Тошкентдаги элчихонасининг эшиклари доим очиқ. Ким Озарбайжон билан маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйишни хоҳласа биз қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга тайёрмиз. Озарбайжон ОАВлари, университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан мулоқот қилиш учун ҳеч қандай бюрократик тўсиқлар йўқ. Ўзбекистонликларни Озарбайжон маданияти ва илм-фани билан таништириш бўйича бизнинг махсус режамиз бор. Шунингдек биз озарбайжонликларни ўзбек маданияти ва илм-фани билан мунтазам равишда таништириб борамиз. Халқларимиз бу борада доимий алоқада бўлиб туриши биз учун жуда муҳим.

Халқларимиз ўртасидаги борди-келдини, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданияти маркази фаолият кўрсатмоқда, у Тошкентдаги Ҳайдар Алиев кўчасида жойлашган.

Марказда компютер дастурлари ва озарбайжон тилини ўргатиш курслари мавжуд. Озарбайжон тилини Озарбайжоннинг машҳур муаллими Салама Фаталиева ўргатади. Тўгараклар (рақс, расм, ҳунар) ишлаб турибди. Марказ қошида «Озарбайжон» мусиқий гуруҳи ва «Озарбайжон қизлари» рақс ансамбли тузилган, уларга Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Кокаб Алиева раҳбарлик қилади.

Шунингдек бизнинг маданият марказимизда анжуманлар зали, кутубхона, учта музей ишлаб турибди, булар Ҳайдар Алиев музейи, Озарбайжон давлатчилиги тарихи музейи, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг умумий тарихи музейидир. Озарбайжон маданият марказида кўҳна озарбайжон кийимлари ва замонавий рақс жамоалари учун кийимлар сақланади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу марказда дўстлик ва биродарлик миссиясини Озарбайжоннинг тажрибали маърифатпарвари ва маданият ходими, илгари президент девони кутубхонасида ишлаган Самир Аббосов бажаради. Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг буйруғи билан у 2013 йилнинг февралидан  Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият марказининг директори лавозимига тайинланган эди. У Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият, туризм, фан, таълим ва диаспора масалалари бўйича биринчи котиби ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистондаги маданий-гуманитар фаолиятимиз ҳақида батафсил маълумот олишни хоҳловчилар элчихонамиз қошидаги Озарбайжон маданият марказининг сайтига киришлари мумкин.

— Озарбайжонлар ва ўзбекларнинг фан, маданият, адабиёт ва санъат соҳасидаги анъанавий алоқалари кўп асрлик тарихга эгаОзарбайжонлар ўзбек санъатини яхши кўришадиЎзбекистонда эса тўйлар озарбайжон қўшиқларисиз ўтмайди, ҳеч бўлмаса бир нечта озарбайжонча қўшиқ янграйдиҲусайн ака, нима дейсиз, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг фан, маданият, адабиёт ва санъат арбоблари иштирокида қўшма ижодий кечалар уюштириш вақти келмадими?

— Тўғри айтдингиз, аллақачон вақти келган. Биз ушбу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Ҳатто бу борада қиладиган ишларимизни режалаштириб ҳам олганмиз. Озарбайжонда ҳам шунга эҳтиёж бор.

Ҳа, сиз ҳақсиз, ўзбек тўйларида машҳур озарбайжон қўшиқлари тез-тез ижро этиб турилади, лекин таъкилдаш жоизки, озарбайжон тўйлари ҳам Хоразм «Лазги»си, «Қоракўз» ва «Баригал»сиз ўтмайди. Мана бир неча йилдирки, Бокуда ўтказиладиган мақомчилар халқаро танловида ўзбек мақомларининг ижрочилари совринли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Танлов бутун Озарбайжон бўйича трансляция қилинади. Ўзбек артистларининг Озарбайжондаги гастроллари аншлаг билан ўтади. Олдиндан тайинлаб қўймасангиз ўзбек артистларининг Бокудаги концертларига билет топиб бўлмайди.

Тошкентдаги дўстимнинг ўғлининг тўйида бўлганимда ўзбек артистлари озарбайжон қўшиқларини ижро этганини илк бор эшитганман. Аввалига бу Озарбайжондан келган меҳмон шарафига уюштирилди деб ўйлаганман. Аммо мана беш йилдан зиёд вақт мобайнида Ўзбекистонда яшаб ишлаяпман, мени ўзбек тўйларига тез-тез таклиф этиб туришади, энди ўзбек тўйларида озарбайжонча қўшиқлар янграши одатий ҳол эканлигини яхши биламан. Озарбайжон халқининг маданияти ва санъатини шунчалик қадрлагани учун ўзбек халқидан бағоят миннатдорман.

— Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон географик жиҳатдан Осиё қитъасининг қоқ марказида жойлашган бўлиб, маданий-сиёсий тарафдан Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланади, Озарбайжон эса Осиё ва Европа туташган ҳудудда жойлашган. Охирги йилларда иккала мамлакатда ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, сизнингча Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг қайси йўналишларини биз жадал ривожлантиришимиз мумкин?

— Ўзбекистон фақат географик жиҳатдангина Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланмайди. Ўзбекистон — Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим фигурадир, унинг иштирокисиз ҳеч бир масалани ҳал қилиб бўлмайди.

Сизга маълумки, Жанубий Кавказ минтақасида Озарбайжон Ўзбекистоннинг асосий шериги ҳисобланади, бу геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан жуда муҳим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда давлатларимиз орасида ўзаро сиёсий ишонч қарор топган, иккала давлат ҳам халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб келмоқда. Лекин биз бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оқилона, узоқни кўзлаб сиёсат юритаётганлиги туфайли мамлакатда ва бутун минтақада тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланишига эришилмоқда. Шавкат Мирзиёев президентликка киришиши билан қўшнилар билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича бир қатор чоралар кўрилди. Улар мамлакатнинг салоҳиятини анча мустаҳкамлади, Марказий Осиё мамлакатлари билан борди-келди, олди-бердилар кўпайди.

Мамлакатга инвестицияларни жалб қилиш учун президент Мирзиёев томонидан эркин иқтисодий зоналар тузилди. Улар ҳар қандай кўламдаги, шу жумладан кичик бизнесни юритиш учун солиқ, бож, кредит имтиёзлари бўлган махсус иқтисодий маконлар ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда учта: «Навоий», «Ангрен», «Жиззах» эркин иқтисодий зоналари мавжуд. Хўжалик юритувчи субъектларнинг анча-мунча солиқ юкидан халос қилинганлиги уларнинг жадал ривожланиши учун кенг имконият яратади, бу айниқса устав жамғармасида хорижий инвестициялар бўлган корхоналар учун зўр имкониятдир. 

Албатта, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик иккитомонлама муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир бу йўналишда сезиларли даражада силжиш кузатилаяпти. Шу билан бирга биз иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун икки тараф ҳам саъй-ҳаракатларини кучайтириши керак деб ҳисоблаймиз.

Шериклик алоқаларини кучайтириб Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармонлари инвестицион ҳамкорлик кўламини кенгайтиришлари мумкин, бу савдо-иқтисодий кўрсаткичларни икки баробар ошириш имконини беради. Бунда ўзбек-озарбайжон ҳукуматлараро қўшма комиссияси фаолиятини жонлантириш, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг иқтисодий имкониятларини намойиш этувчи тақдимотлар, бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Қўшма комиссия ҳали ишга солинмаган ва янги имкониятларни аниқлаш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўлларини белгилаб олиш, икки томон учун ҳам фойдали бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Иқтисодий форумлар янги шартномалар тузиш билан бирга ишбилармонлар икки давлатнинг имкониятлари ҳақида кўпроқ нарсалар билиб олишига ҳам хизмат қилади. Банк-молия соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, экспорт қилинадиган товарлар ва хизматлар рўйхатини тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Бизнесменлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришда бу ҳам муайян рол ўйнайди.

Масалан, шу йилнинг 20 феврал куни Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Озарбайжон ишбилармонлари миллий конфедерацияси томонидан икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўзбек-озарбайжон бизнес-форуми ва кооперация биржаси ўтказилди. Бу ишбилармонлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшимча туртки бўлди. Озарбайжон делегацияси таркибида қурилиш, озиқ-овқат, дастурий таъминот, туризм, молия, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатувчи компанияларнинг вакиллари бор эди. Форум ўзбек бозорига озарбайжон маҳсулотларининг кириб келиши, ишбилармонлар билан алоқа ўрнатиш ва Ўзбекистондаги инвестицион муҳит намойиши учун майдон вазифасини ўтади.

Форум доирасида Ўзбекистон ССП ва Озарбайжон ИМК ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Таъкидлаш жоизки, қисқа даврда кўп ишларни қилишга эришилди.

Озарбайжон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва иқтисодий ва стратегик жиҳатдан улкан имкониятларга эга бўлган Ўзбекистоннинг имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдордир. Савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши саналади. Кўп қиррали шериклик шартнома ва битимларда ўз ифодасини топган улкан ҳуқуқий базага асосланади.

2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси атиги 31,2 млн. АҚШ долларига, шу жумладан экспорт 26,2 млн. АҚШ долларига, импорт эса бор-йўғи 4,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлди. Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар масаласида шуни айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида 84 та озарбайжон корхонаси фаолият кўрсатаяпти. Шундан 71 таси қўшма корхоналар бўлса, 11 таси юз фоиз Озарбайжон капитали асосида ишловчи корхоналардир. Ушбу корхоналар асосан савдо, машинасозлик ва метални қайта ишлаш, молия ва суғурта, кўчмас мулк операциялари, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, озиқ-овқат, енгил саноат соҳаларида фаолият кўрсатади.

— Озарбайжон сайёҳлик бизнесида улкан тажрибага эгаАйни пайтда Ўзбекистон ҳам туризмни ривожлантириш чораларини кўрмоқдаСиз мамлакатларимизнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигининг истиқболига қандай таъриф берасиз?

— Бугунги кунда туризм соҳасидаги ўзбек-озарбайжон муносабатлари жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Озарбайжон учун энг муҳим сайёҳлик бозорларидан бири ҳисобланади. Бизнинг компанияларимиз нафақат Тошкентнинг, балки бир қатор минтақаларнинг сайёҳлик ташкилотлари билан ҳам муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Айтиш жоизки, Озарбайжонга келувчи ўзбекистонлик сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. 2013 — 2014-йилларда Ўзбекистоннинг 14 мингга яқин граждани Озарбайжонда бўлди, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 19 мингдан ошди, 2017 йилда эса бу рақам кутилганидек яна бироз кўпайди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳафтасига икки марта Бокуга рейсларни амалга оширади, уларга талаб жуда катта. Шу боис заруратдан келиб чиқиб биз «Azerbaijan Airlines – AZAL» авиакомпаниясининг ваколатхонасини очишга мажбур бўлдик. 2018 йил 30 июндан Бокудан Тошкентга ва Тошкентдан Бокуга тўғридан-тўғри авиақатновлар бошланди. Рейслар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилади. Шунга қарамай Тошкент ва Бокуга билет топиш жуда қийин, талабгорлар кўп. Сайёҳлик мавсумида ҳатто менинг ўзим билет сотиб олиш учун бир ой кутишимга тўғри келди. Билетларга олдиндан буюртма бериб қўйиш керак. Ҳар бир рейсда самолётлар одамга тўлиб учади. Шундан келиб чиқиб 1 августдан парвозлар сонини ҳафтасига тўрттага етказиш режалаштирилаяпти. Ҳафтасига икки марта — душанба ва пайшанба кунлари рейсларни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бажаради, чоршанба ва шанба кунлари эса «Azerbaijan Airlines – AZAL» авиакомпанияси самолётлари учади.

Озарбайжон халқи Ўзбекистоннинг улкан туристик салоҳияти, тарихий ёдгорликлари ҳақида яхши билади. Тошкентнинг чиройли кўчалари, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Ичанқалъа, қадимий Бухоро, қалъалар, мадрасалар ва Қўқон хонларининг ўрдаси бутун дунёга машҳур.

— Сизнинг яқинда «Eurasia Diary» халқаро ахборот-таҳлилий порталида эълон қилинган интервюнгиз жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу интервюни ўзбек ахборот порталлари ҳам эълон қилдиСиз ўқувчиларга ўзбек дипломатиясининг ютуқлари ҳақида мазмунан бой ва аниқ маълумот бергансиз. Шу билан бирга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятини чуқур таҳлил қилгансиз.

Ҳурматли Ҳусайн ака, порталимизда сиз билан суҳбат эълон қилинганидан сўнг кўплаб ўқувчиларимиз уларни Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг сиёсий портрети билан таништиришингизни сўрашмоқда. Бизга Илҳом Алиевнинг фаолияти ҳақида гапириб берсангиз.

— Шубҳасиз, Илҳом Алиев постсовет ҳудудидаги энг прагматик давлат арбобларидан бири ҳисобланади. Унинг сиёсий йўлини кузатиб бунга амин бўлиш мумкин. Илҳом Алиев давлат раҳбари сифатида юритаётган сиёсатни таҳлил қилиб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Озарбайжон президентининг ички ва ташқи сиёсатдаги стратегияси, унинг ҳарбий, саноат, маданият, спорт ва ахборот технологиялари соҳасидаги хизматлари Озарбайжон тараққиётида жуда улкан рол ўйнади.

Президент Илҳом Алиевнинг самарали фаолияти туфайли Озарбайжонда туб ўзгаришлар юз берди, мамлакатнинг иқтисодий манзараси буткул ўзгарди, бизнинг давлатчилигимиз ҳеч қачон бугунгидек қудратли бўлмаган.

Илҳом Алиевнинг ташаббуслари Озарбайжоннинг, минтақанинг, Евросиё маконининг иқтисодий манзарасини ўзгартирмоқда, халқнинг руҳан юксалишининг қудратли омилига айланаяпти, чунки озарбайжон халқи ўз йўлбошчисини доимо якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.

Илҳом Алиев илгари сурган мултикултурализм ғояси Озарбайжонда ҳар доим турмуш тарзи ҳисобланган, озарбайжонлар асрлар давомида бошқа дин ва маданиятларга тоқат, ҳурмат билан қарашган, бағрикенглик қилишган, халқимизга хос ушбу хислат туфайли бугунги кунда исломий бирдамлик ва жаҳондаги маданиятлараро мулоқот соҳаларида Озарбайжонга катта эътибор қаратилади. Озарбайжонда йирик халқаро тадбирлар – Европа ўйинлари, Ислом ўйинлари, глобал форумларнинг ўтказилиши — Озарбайжон жаҳон майдонида юксак нуфузга эгалигининг исботидир.

Илҳом Алиев феноменини ўрганиш ҳозирги сиёсатшунослик фани учун муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидламоқчиман. Шу муносабат билан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси ила ёзувчи, Озарбайжонда хизмат кўрсатган журналист, Миллий мажлис депутати Элмира Охундованинг Тошкентдаги «Машҳур пресс» нашриётида ўзбек тилида чоп этилган «Илҳом Алиев. Президентнинг ўзгаришлар фонидаги портрети» китобининг тақдимоти ўтказилди. Китоб Ўзбекистонда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бу жаҳон миқёсидаги сиёсатчи бўлмиш Илҳом Алиевнинг ҳаёти ва фаолиятига оид ҳужжатли материаллар ва бошқа манбалардан фойдаланган ҳолда йиллар давомида ёзилган академик асардир. Менимча, бу китоб Ўзбекистон тарихчилари, публицистлари ва сиёсатчилари учун фойдали манба бўлади.

— Шубҳасиз, ҳар бир давлат тараққиёти учун тинчлик ва барқарорлик ғоят муҳим аҳамиятга эга, Озарбайжон ҳақида гап кетганда кўз олдимизда равнақ топаётган, тинч мамлакат намоён бўлади. Шу билан бирга, афсуски, Тоғли Қорабоғ муаммосидан ҳам хабардормиз, жуда кўплаб озарбайжон биродарларимизнинг дардини яхши тушунамиз. Ўзбекистон — ҳар қандай можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори, айни пайтда биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада Ўзбекистоннинг позицияси қатъий ва ўзгармасдир. Бугунги кунда ушбу кўп йиллик можарони ҳал қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

— Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг тарихий ва қонуний ажралмас қисми ҳисобланади. Жаҳон ҳамжамияти ушбу рад қилиб бўлмас ҳақиқатни аллақачон тан олган. Ҳақиқатан, Тоғли Қорабоғ можаросида Озарбайжоннинг 20 мингдан кўпроқ ҳарбий хизматчиси ва ноҳарбий аҳолиси ўлдирилди, 200 мингдан зиёд киши жароҳатланди ва майиб қилинди. Мазкур можаронинг оқибатлари қайғули ва фожиалидир. Тоғли Қорабоғдан, Арманистондан ва босиб олинган еттита тумандан қувғин қилинган озарбайжонлар сони 1 миллиондан ошади. Озарбайжон Республикасининг 20 фоизча ҳудуди, 946 та аҳоли пункти босиб олинган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1993 йили қабул қилинган тўртта: 822, 853, 874, 884-резолюцияси, БМТ Бош ассамблеяси қабул қилган учта: 48/114, 62/243, 60/285-резолюция, Ислом конференцияси ташкилотининг 1993 йил 25 — 29-апрел кунлари қабул қилинган 12/21-Р, 1994 йил 10 — 12-декабр кунлари қабул қилинган 16/22-Е, 2003 йил 28 — 30-май кунлари қабул қилинган 10/30-С резолюциялари, Европа иттифоқи 1993 йил 3 сентябр куни қабул қилган резолюция, Европа парламенти 2010 йил 20 май куни қабул қилган 2216-резолюция, Европа кенгаши парламент ассамблеясининг 1995 йил 15 мартдаги 1059-резолюцияси, 1997 йил 22 апрелдаги 1119-резолюцияси, 2005 йил 25 январдаги 1416-резолюцияси Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, халқаро чегараларнинг бузилмаслигини ва унинг қонуний ҳудудларини зўрлик билан босиб олинишига йўл қўйилмаслигини тасдиқлади.

Таассуфки, барча резолюцияларда Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тан олинганига ва урушни тўхтатиш, Озарбайжон ҳудудидан босқинчи арман қўшинларини тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетиш талаб қилинганига қарамай бугунги кунгача арман тарафи халқаро ҳуқуқ нормаларини инкор қилиб, турли халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган юқоридаги резолюцияларнинг талабларини бажармасдан келмоқда. Гарчи БМТ уставига (25, 48-моддалар) биноан Хавфсизлик кенгашининг резолюциялари юридик жиҳатдан бажарилиши мажбурий бўлиб, БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бажарилиши шартлигига, қатьий ҳисобланиб, улар устидан шикоят қилиш мумкин эмаслигига қарамай реал халқаро вазиятда ва ҳақиқатда бундай ҳуқуқий тартиб қўпол равишда бузилмоқда, жаҳонда юз бераётган ўнлаб давлатлараро қуролли тўқнашувлар бунга яққол мисол бўла олади.

Тоғли Қорабоғда жойлашган айирмачи гуруҳлар 2016 йил 2 апрел куни қўшинларни ажратиб турган чизиқ яқинида озарбайжонлар зич яшайдиган ҳудудларни, шу жумладан мактаблар, шифохоналар, масжидларни тўпга тутиб, машҳур апрел воқеалари юз беришига сабабчи бўлишди.

Айирмачиларнинг масъулиятсизлик билан қилинган ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 33 киши жароҳатланди, улар орасида болалар ҳам бор эди. Озарбайжон қуролли кучлари душманга қилмишига яраша зарба берди, қарши ҳужум натижасида стратегик жиҳатдан муҳим позициялар душмандан озод қилинди.

Апрел воқеалари юз берган вақтда бошқа органлар билан ҳамкорликда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги жаҳон афкор оммасига Озарбайжон ҳақидаги ҳақиқатни етказа олди, мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консулхоналари ушбу жараёнга фаоллик билан қўшилиб, ўзлари аккредитация қилинган мамлакатларнинг расмий вакиллари ва жамоатчилигини хабардор қилишди. Жаҳоннинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Озарбайжоннинг адолатли нуқтаи назарини акс эттирувчи кўплаб мақолалар эълон қилинди, эфирда фото ва видеорепортажлар кўрсатилди.

Халқаро ҳамжамият мавжуд ҳолат(статус-кво)нинг сақланиши ва Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларида айирмачи қўшинларнинг ҳозир бўлиши можаро зонасидаги кескинликнинг асосий сабаби ҳисобланиши ва муаммони сиёсий йўл билан ҳал этиш борасида асосий тўсиқ бўлиб қолаётганига яна бир бор амин бўлди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Минск гуруҳининг давлат бошлиқлари даражасидаги ҳамраислари мавжуд вазиятнинг номақбуллиги ва ўзгарувчанлиги ҳақида бир неча марта баёнот билан чиқишди. Озарбайжон ҳозирги вазият ўзгаришидан кўпроқ манфаатдор тараф саналади.

Стратегик аҳамиятга эга бўлмаган, аммо мунтазам давом этиб турадиган тўқнашув ва отишмаларга қарамай «на тинчлик, на уруш» ҳолати юзага келган эди. Эришилган умумий осойишталик 2016 йилнинг апрелида вазият ниҳоятда кескинлашувига қадар давом этди, ўшанда 4 кун ичида Озарбайжон қуролли кучлари илгари босиб олинган ҳудудларнинг 2 минг гектарини стратегик муҳим тепаликлар билан бирга душмандан тортиб олди. Қорабоғда 2016 йил апрел ойида юз берган қуролли тўқнашув натижасида озарбайжон томони стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Лалитепа тепалигини эгаллашга муваффақ бўлди. 1993 йилда, Қорабоғ урушида ушбу ҳудудлар айирмачи қуролли тузилмалар томонидан босиб олинган эди.

Босиб олинган ушбу ҳудудлар озод қилинганидан сўнг 2017 йил 24 январ куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қишлоқни тиклаш бўйича қилинадиган ишлар ҳақидаги фармойишни имзолади. Фармойишга биноан, тиклаш ишлари доирасида дастлабки босқичда 50 та алоҳида уй, мактаб ва керакли тузилмаларнинг биноларини қуриш учун президентнинг захира фондидан катта миқдорда пул ажратилди. Бултур 11 та ўзбек журналисти фронт ёнидаги зонага келиб, босқинчилардан озод қилинган қишлоқни ўз кўзлари билан кўришди, Озарбайжон қуролли кучлари ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси армиясини ажратиб турган чизиқ яқинида жойлашган Озарбайжоннинг Жаброил тумани Чужуқмаржонли қишлоғида олиб борилаётган тиклаш ишларининг кўлами билан танишишди.

Бундан ташқари, алоҳида умумқўшин армиясининг махсус топшириқларни бажарувчи қўшинлари 2018 йил 6 — 7-июн кунлари Нахчивонда нейтрал зона бўйлаб олға силжиб, янги тепаликларни, шу жумладан Шарур туманидаги Қизилқоя тепалигини озод қилишди. Бунинг натижасида 1992 йилдан буён арман армиясининг назоратида бўлган Гуннут қишлоғи душмандан тозаланиб, ғаним ўқ етмас масофагача суриб ташланди. Бундан ташқари озарбайжон армияси Ереван — Горис — Лочин йўлини назорат қилиш имкониятини қўлга киритди. Натижада илгари босиб олинган 11 минг гектар ер душмандан озод қилинди.

Кўп йиллик самарасиз музокаралар, сон-саноқсиз декларациялар Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилишда деярли ҳеч қандай фойда бермади. Ҳозиргача Арманистон ўзининг Озарбайжоннинг ички ишларига аралашганини ва суверен давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишда иштирок этганини инкор қилиб, Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш бўйича ўтказилаётган музокараларда ўзининг деструктив позициясини намойиш этиб келмоқда.

— Бизнинг ёш журналистларимиз ҳам Озарбайжон ҳақида кўп нарсаларни шахсан ўзингиздан билиб олишни хоҳлайдиУларнинг кўпчилиги сиз билан яқиндан танишишни ва Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев билан дўстона суҳбат қуришни истайдиШу боис айтинг-чи, сиз билан Ўзбекистоннинг етакчи ахборот агентликларининг бир нечта ёш журналистлари иштирокида қачон матбуот анжумани уюштиришимиз мумкин, агар шундай матбуот анжуманини уюштириш мумкин бўлса сиз қайси мавзуларни танлаган бўлар эдингиз?

— Мен ўзбек дўстларимиз билан учрашишдан ҳар доим хурсанд бўламан. Ҳар доим ўзбек журналистларига айтар гапимиз бўлади. Шу боис Ўзбекистоннинг ёш журналистлари учун матбуот анжуманини мамнуният билан уюштирамиз. Ўз навбатида сизга Озарбайжоннинг атоқли давлат арбоблари, парламент депутатлари, озарбайжон маданияти ва санъати арбоблари иштирокида матбуот анжуманлари уюштиришни ваъда қилишим мумкин. Чунки улар гўзал Ўзбекистоннинг доимий меҳмонларидир.

— Ҳусайн ака, шундай мароқли ва мазмунли суҳбат учун сизга катта раҳмат!Суҳбатимиз сўнгида ўзбек ўқувчиларига айтар гапларингиз борми?

— Мен барча ўзбекистонликларга оилавий бахт, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Ўзбекистонликлар ҳамма нарсага ўз меҳнатсеварлиги ва инсонийлиги билан эришадиган буюк ва мард халқ эканлигини ҳар доим ёдда сақлашларини истайман. Омон бўлинг.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор

 элчиси Ҳусайн Гулиев билан

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

http://www.xabar.uz/ru/siyosat/posol-bezmerno-blagodaren-uzbekskomu-narodu

http://www.xabar.uz/post/posol-bezmerno-blagodaren-uzbekskomu-narodu?category=siyosat

http://www.xabar.uz/uz/post/posol-bezmerno-blagodaren-uzbekskomu-narodu?category=siyosat

növbəti xəbər əvvəlki xəbər